Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш жараёнлари ва дастлабки натижалари бўйича.

11-02-2022 | 12:21

668

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари қуйидаги босқичларда амалга оширилди:

2021 йил 1-5 ноябрь кунлари аҳолини синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш учун махсус ишлаб чиқилган ахборот тизими ёрдамида Интернет тармоғи орқали аҳоли рўйхатга олинди.  Мазкур ахборот тизимида синов ўтказилиши белгиланган ҳудудлар аҳолиси учунгина эмас, балки, республикамизнинг барча ҳудудларида яшовчи ва бошқа давлатларда вақтинча бўлиб турган фуқаролар учун ҳам тизимга кириб, рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

2021 йил 6-10 ноябрь кунлари Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган шахсларни яшаш манзиллари бўйича рўйхати шакллантирилиб, икки марта рўйхатга олиб қўйилмаслигини таъминлаш мақсадида синов ўтказилиши белгиланган ҳудудларга етказиб берилди.

2021 йил 11-22 ноябрь кунлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уйма-уй юрган ҳолда респондентлар билан сўров ўтказиш оркали коғоз шаклида ва кисман планшет курилмаларидан фойдаланган холда сўровнома шаклларини тўлдириш орқали рўйхатга олиш ишлари ташкил этилди.

2021 йил 23-25 ноябрь кунлари ҳарбир ҳисоб участкасида рўйхатдан ўтказилган хонадонларнинг камида 10 фоизини ихтиёрий танлаб олган ҳолда назорат кузатувлари ташкил этилди.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра 4 та ҳудуд бўйича жами 138,8 минг та хонадонда 585,0 минг киши рўйхатга олинди. Жорий ҳисоб бўйича 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига 4 та ҳудуд аҳолиси 624,6 минг кишини ташкил этган. Рўйхатга олиш натижалари жорий ҳисобга нисбатан 39,6 минг кишига кам чиққанлиги кузатилди.

Ҳудудлар бўйича: Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 22,2 минг та хонадонда 113,6 минг киши рўйхатга олиниб, жорий ҳисоб бўйича 113,7 минг кишига нисбатан 68 кишига кам бўлди;

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 28,0 минг та хонадонда 139,7 минг киши рўйхатга олиниб, жорий ҳисоб бўйича 136,3 минг кишига нисбатан 3,4 минг кишига кўп бўлди;

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 17,5 минг та хонадонда 89,3 минг киши рўйхатга олиниб, жорий ҳисоб бўйича 94,9 минг кишига нисбатан 5,6 минг кишига кам бўлди;

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 71,1 минг та хонадонда 242,4 минг киши рўйхатга олиниб, жорий ҳисоб бўйича 279,7 минг кишига нисбатан 37,3 минг кишига кам бўлди.