ЕТИМ БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ “МЕҲР ДАФТАРИ” ТИЗИМИ ОРҚАЛИ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ.

15-02-2022 | 22:44

826

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган "Меҳр дафтари" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 26-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.08.2021 йилдаги    «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»  ПҚ-5215-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.

          Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

- Етим болалар ва ота-она қарамоғидаи маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган "Меҳр дафтари" тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (1);

-"Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом (2).

Низомда (1) қуйидагилар белгиланган:

унда қўлланиладиган асосий тушунчалар. Уларга қўйидагилар киради:

- "Меҳр дафтари" тизими - етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга ҳамда жамиятга ижтимоийлашувига кўмаклашиш, уларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларни рағбатлантириш, шунингдек болаларнинг              ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлиш сабабларини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган тизим;

- "Меҳр дафтари" - етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида улар ҳақидаги маълумотларни киритиш, идоралараро маълумотлар алмашишни ташкил этиш ҳамда "Меҳр дафтари" тизими бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш имконини берувчи электрон платформа;

-“Меҳр дафтари" жамғармаси - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида ташкил этиладиган                             "Меҳр дафтари" тизимига киритилган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

"Меҳр дафтари"ни шакллантириш ва амалга ошириш. Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари "Меҳр дафтари"ни шакллантиришга масъул ҳисобланади;

"Меҳр дафтари"дан чиқариш ва унга ўзгартириш киритиш. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига мувофиқ "Меҳр дафтари"дан чиқарилади;

"Меҳр дафтари" тизимида ҳисобот. Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси "Меҳр дафтари"даги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ акс эттириб борилишини таъминлайди ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Низом (2) "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва назорат қилиш тартибини белгилайди

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари:

- 2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво, табиий вино ҳамда импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотлари бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар;

- ҳомийлик маблағлари;

- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

«Меҳр дафтари» жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъулият унинг васийлик кенгашига юкланади.

 


    "Мадад" -ННТнинг Беруний тумани

      хуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси:-                  У.Машарипов