Беруний тумани ҳокими Сапарбаев Атабек Худайбергеновичнинг мактаб битирувчиларига байрам табриги

24-05-2022 | 23:37

737

Ҳурматли мактаб битирувчилари, азиз ўғил-қизларим!

 

Сизлар учун бугун ҳаяжонларга тўла кун. Ушбу кунда Сиз азиз фарзандларим беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бугун туманимиздаги 72 та умумтаълим мактабларида сўнги қўнғироқлар жаранглаб, 2204 нафар битирувчилар етуклик шаҳодатномаларини қўлига олиб, катта ҳаётга қадам қўйишади.

Бу кун нафақат сизлар учун устозларингиз ва ота-оналар учун ҳам ҳаяжонли кун.

 

Азиз фарзандларим!

 

Мамлакатимиз ривожида ёшларнинг ўрни алоҳида. Сўнги йилларда мактаб таълимига, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган амалий ҳаракатлар ўз натижасини бериб, юқори марраларга эришган ёшлар орамизда Сизлар билан бирга.

Маълумки Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлида улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият бермоқда. Бунинг асосида ёшларга яратилган имконият,  кўзи ва қалби ёниб турган ёшларнинг билимга чанқоқлиги, эртамиз эгаларининг ўзига ишончи ётибди.

Мактабни тугатиб олий таълимга киришни талаба бўлишни мақсад қилган ёшлар учун олий таълимда квоталарнинг оширилгани, хорижий олий таълим даргоҳларида ўқиш учун имкониятлар яратилгани шунингдек, Ўзбекистонда хорижий олий таълим ташкилотлари сони сўнгги 3 йилда икки баробарга ошди. Ёшларнинг чуқур билим олиши, мутахасиссликка эга бўлиш имконияти нафақат давлатимиздаги олий таълим муассасаларида балки, чет-элда ўқиш имконияти ҳам оширади. Олий маълумотга эга бўлиш, ўқишни давом эттириш бу келажакда яхши кадр бўлиб етишишга, жамиятда инсоннинг ўз ўрнига эга бўлишга, шахсий ҳаётнинг тўла-тўкис бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир ота-она фарзандининг комил инсон, етук шахс бўлишини, билими ва мехнати орқали ватанига фойдаси тегишини истайди. Аммо орамизда шундай оилалар борки, фарзандининг истакларини амалга ошира олмайди. Давлатимиз томонидан бу бўйича ҳам ижтимоий дафтарлар орқали имконият яратилган.

2021 йил давомида Беруний туманида “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган  38 нафар ёшларга 153 миллион сўм, 2022 йилда эса 45 нафар талабаларга 152 миллион сўм контракт маблағлари тўлаб берилди.

Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Натижада битирувчи қизларнинг олий таълимга қамров даражаси янада ортади. Бу эса жамиятда аёлларнинг роли ошиши, гендер тенглик бўлишини таъминлайди.

 

Азиз ўғил-қизларим, сизларнинг қувончли ва ютуқларга бой дамларингиз ота-онангизнинг энг бахтли кунларидир.

2021-2022-ўқув йили давомида Беруний туманидаги умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ҳам ижодий танловлар ва фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришди. Таълим сифатини янада яхшилаш борасида камчиликлар ҳам етарли. Аммо, буларни биргаликда ҳал этиш борасида ҳам режалар ишлаб чиқилган ва амалга татбиқ этилмоқда.

 

Бугунги кунда бутун юртимизнинг ўғил-қизларини қамраб олган бешта муҳим ташаббус доирасида, ёшларимизнинг етук инсон бўлиб камол топиши, ёш иқтидор эгаларини кашф қилишда ташаббус доирасида ўтказилаётган фестиваллар муҳим рол ўйнамоқда.

Хусусан, фарзандларимизни санъат дунёсига ошно этиш, китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида туманимизда “Мактабимизга туҳфамиз” акцияси ҳамда “Энг китобхон мактаб” тадбир-танловлари ўтказилиб, умумий ўрта таълим мактабларининг моддий техник базаси янада мустаҳкамланди. Шу ўринда мазкур акцияга ҳайриҳоҳ бўлиб, келажагимиз эгаларининг бугуни ва эртаси учун ҳомийлик қилган, инвестиция киритган ота-оналар ва тадбиркорларга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтаман. Ҳурматли ота-оналар, ёзги таътил даврида фарзандларингизнинг вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган фестиваллар, китоб марафонлари ва мутолааси, спорт тадбирларида фаол бўлишига эътибор қаратинг. Чунки соғлом фикрлайдиган ўғил-қизлар келажакда яхши яшаш учун ўзига-ўзи имконият яратади. Бундан ташқари 3 ой давомида туманимизда эҳтиёжманд оила фарзандлари учун бепул оромгоҳлар ташкил этилиб, таътилдаги ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш режа қилинган. Оромгоҳларда ёшлар учун барча шароитлар яратилган.

 

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар!

 

Ўтган ўқув йили давомида қийин ва масъулиятли ишни амалга оширдингиз — фарзандларимизга билим бердингиз ҳамда уларни тарбияладингиз. Айни дамда ўқувчиларимизнинг олдида якуний имтиҳонлар ва олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари турибди, ҳеч шубҳасиз, уларнинг ютуқларида сизларнинг ҳам катта ҳиссангиз бор. 11 йил давомида таълим берган устозларнинг насиҳатлари келажакда шогирдаларингизга дастурул амал бўлади десам адашмаган бўламан.

Ўқитувчиларга берилаётган имтиёзлар сабаб бу касбга нисбатан ҳурмат ва эътиборнинг ошгани, таълим сифатига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Бу борада ўқитувчиларга ҳам қатор имтиёзлар ажратилган бўлиб, 2021 йил 1 мартдан таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинди. Бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб, фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз, бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

 

Азиз битирувчилар!

 

Катта ҳаётга қадам қўяр экансиз мақсадингиз аниқ, танлаган йўлингиз давомли бўлсин. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар”. Манашу бунёдкорлик ва яратувчанлик ҳамроҳингиз бўлсин. Бутун дунёда кашфиётлари, илмлари тан олинган биринчи ва иккинчи ренессанс даври олимларининг киндик қони томган, туркий замин фарзанди эканлигингиз, сизларни янада юқори марраларни забт этишга ундасин. Келажакда билим ва салоҳиятингиз ошириб, инсонларга манфаат келтирадиган, юрт ривожини таъминлайдиган салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиш, сиз ёшларнинг асосий мақсадингиз бўлсин.

Қаерда бўлманг, мактаб партасида олган билимларингиз сизга қўл келишига, келгусида уларни янада мустаҳкамлаб боришингизга умид қиламан. Ватанимиз ривожи учун ўз ҳиссангизни қўшишингизга аминман.

Сизлар ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, вақтингизни беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингиз, янги касб-ҳунарларни эгаллашингиз ва энг асосийси ўз мақсадингиз сари тинмай ҳаракат қилишингиз албатта келгусидаги муваффақиятларингиз гарови бўлишига ишонаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман!

Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин! Билим олишда ҳамиша давом этинг!”