20-04-2023 | 15:06
503
Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат томонидан зарур иқтисодий-ҳуқуқий шароитларни шакллантириш муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда «Давлат ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини ҳамда шароитларни таъминлаши лозим», деб таъкидлаган эди.
Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасининг
67-моддасида «Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди», деган мазмундаги илғор ва барча давлат органлари фаолиятига баҳо беришнинг асосий мезонига айланадиган норма мустаҳкамланмоқда.
Иқтисодиётимизга маблағ киритиш истагида бўлган ҳар қандай инвесторни қизиқтирадиган биринчи масала – тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғилланиши ва фойда олиши учун яратилган шароитлардир. Шу боис барча давлатлар ўз ҳудудида бизнес билан шуғулланиш учун жозибадор ва қулай муҳитни таъминлашга ҳаракат қилишади.
Қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити – мамлакатда ижтимои-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг таъминланганлиги, мукаммал ва барқарор қонунчилик базаси ва суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги, ҳалол рақобат қилиш имконияти яратилганлиги, рухсат олиш ва ҳисобдорлик чекланганлиги, адолатли солиқ тизимининг амал қилиши, энг муҳими, дароматларни эркин тасарруф этиш чекланмаганлиги ҳамда инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этилганлиги билан белгиланади.
Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши, биринчидан, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга ва давлат тузилмаларининг масъулятини оширишга, иккинчидан, тадбиркорлар ҳукуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, ҳусусий мулк ҳимоясини янада қучайтиришга ҳамда инвестиция бозоридаги рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумки, жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатда халқ фаравонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тубдан ўзгартириш борасида мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан таъминлаш ва ҳимоя қилиш муаммоси, айниқса долзарб аҳамият касб этди. Бу даврда мулкдорлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган Президент ва ҳукуматнинг 300 дан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, мулк ҳуқуқини қатъий таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари, мансабдор шахслар фаолиятида бюрократия, ваколатли мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг етарли эмаслиги, шикоятларнинг сезиларли даражада кўпайишига олиб келади.
Ачинарлиcи шундаки, ҳозирги кунда хусусий мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилган ислоҳотлар ва кўрилаётган чораларга қарамасдан ўзбошимчалик билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш, айрим мансабдор шахсларнинг адолатсиз ва асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкни бузиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Албатта, бунинг учун қонунчилик ва ҳуқуқ қўллаш амалиётидаги хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятлар ва бўшлиқларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим.
Шу нуқтаи назардан, фуқароларни мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этмаслик ҳамда фақатгина жамоат эҳтиёжлари учун зарурий ҳолатларда тегишли тартибда мол-мулк қийматини қоплаш шарти билан ерларни олиш тартибини янада ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш мақсадида Конституцияга бир қатор нормалар киритиш таклиф этилди.
Фикримизча, бундай норманинг киритилиши келажакда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мулкчилик муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиришга катта туртки бўлади. Шунинг учун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг мулки билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни конституция орқали мустаҳкамлаш зарур саналади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, турли тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, бу – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир. Умуман олганда, юқорида қайд этилган мақсадларга эришиш, мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш ҳамда давлат органлари билан муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш учун бевосита шароитлар яратишда кучли туртки бўлади.
Нукус туманлар аро маъмурий судининг судья ёрдамчиси А.Жолдасова
Xalq deputatlari Beruniy tuman Kengashining 41-cessiyasi bo'lib o'tdi
Sayyor qabul bo'lib o'tdi
Жорий йилнинг июнь ойида Қобил Дусовнинг фейсбук саҳифасида эълон қилинган маълумотга муносабат.
Besh tashabbus
Aholini ro’yxatga olish bo’yicha o’quv-seminari tashkil qilindi
Kasaba uyushmasining o'quv seminari