Беруний туманида топилган тарихий ашё кўза яъни ҳум бўйича ўрганишлар олиб борилди

19-04-2023 | 12:23

723

Дастлабки ўрганишларимизни тарих фани ўқитувчиси Асқар Нурумбетов билан олиб бордик. Бу биринчи навбатда тахмин дея айтиб ўтди А.Нурумбетов, жараённи тегишли мутаҳассислар келиб ўрганиб, аниқлик киритгани маъқул. Чунки, ҳумни ичида нима бор эканлиги барча учун сирли ва айни пайтда билгиси келади.

 

Тарихий топилма Шаббоз маҳалласининг Кепакли қалъа кўчаси 61-уйдан топилган ва тарихий ҳужжатларга таяниб айтадиган бўлсак, бу ҳудудда Кепакли қалъа тарихий девори бўлган экан бундай жойлар маҳаллий тилда “динг” дейилади. Уй атрофидан 50 метр жойда айнан шу дингнинг маълум қисми, уйилган тупроқ ҳолатида ҳовлида сақланиб қолган.

 

Ҳум икки қаватли пишиқ лойдан ясалган ҳамда 1.5 метр бўй узунлиги мавжуд. Юза қисми тупроқ билан тўла бўлганлиги сабаб, ичида нима сақланаётганини аниқлаш қийин. Тахминларга кўра буғдой сақланадиган ҳумлар икки қават қилиб ишланган турли кемирувчилардан сақлаш мақсадида, яна бир тахминга кўра сопол ҳумда узум шинниси ҳам сақланган бўлиши мумкин. Қадимги пишиқ ғиштдан зинопоя ҳам ишланган.

 

Тахминларга кўра ҳум 3-4 ҳамда 10-асрларга тегишли бўлиши мумкин. Яна ҳам бунга археолог мутаҳассислар аниқлик киритишини уй эгалари таъкидлаб ўтди. Чунки қазиш ишларини тўхтатиб, тарихий ашёни шу ҳолатда сақламоқда.

 

Қадимги шахар қалъалар 3 қисмдан иборат деб айтадиган бўлсак, Кепакли қалъа қисми работ яъни ҳунармандлар яшайдиган шахарнинг ташқи қисми бўлган бўлиши мумкин дея тахмин қилмоқда А.Нурумбетов. Работ қисмида ҳунармандларнинг дастгоҳлари ва буюмлари мавжуд бўлган. Беруний туманида Ал Фир қалъа, Қизил Қалъа ва Ақчахон қалъа ёдгорликларининг мавжудлиги эса, тахминларни исботлаши мумкин. Тарихий топилмага эса тегишли мутаҳассислар эътибор қаратиб, ўрганиб хулосани эълон қилишини сўраб қоламиз.  

Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати